1865 йил. Венгрия. Ушбу давлат Фанлар академиясининг филология бўлими шу санада «Тилшунослик ахбороти»нинг 4 томлик 2-сонини чоп этиб, 271-315 саҳифаларида “Ўзбек халқ мақоллари”ни нашр қилди. 44 та мақол, эртак, топишмоқлар киритилган тўплам тез орада Европа илмий жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди. Чунки, шунгача бўлган даврда Европада ўзбек халқ мақолларини ҳеч ким чоп этдирмаганди. Қолаверса, ушбу мақол, топишмоқ ва эртакларни нашр қилдирган шахс ҳам Ўрта Осиёдан келган муҳожир эди-да! Хўш у ким ва қандай мақолларни Европа жамоатчилигига тақдим қилганди?
Ҳажга эмас Будапештга бориб қолган мулла
Тарихдан аёнки, 1863 йили венгриялик Ҳерман Вамбери Ўрта Осиёга туркиялик Ҳожи Рашид Афанди қиёфасида келиб, кетишида ўзи билан маҳаллий муллаввачани олиб кетганди. У асли қўнғиротлик, ўша вақтда Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасида таҳсил олаётган 19 ёшлик Мулла Исҳоқ эди. Арабистонга бориб ҳаж зиёратини адо этишни истаб, Вамберига қўшилганича Маккага эмас, Венгрияга бориб қолган мулла Исҳоқ, Будапештдаги Фанлар Академиясида ишлаганди.
Унинг чоп этдирган мақоллари орасида қуйидагилар бўлган: «Одам оласи ичида, ҳайвон оласи сиртида», «Энасини кўриб, қизини ол, қорасини кўриб бўзини ол», «Очлик нени едирмас, тўқлик нени дедирмас», «Асал тутган бармоғин ялар», «Тилдан келган ҳам қўлдан келса, ҳамма одам гадо бўлмай, султон бўларди», «Даъвогаринг подшо бўлса, арзингни Оллоҳ эшитсин», «Қорани ювсанг оқ бўлмас», «Шошилган ишга шайтон қўшилур», «Узоқ бўлса ҳам йўл яхши, ёмон бўлса ҳам қиз яхши», «Арпа-буғдой ош бўлур, олтин-кумуш тош бўлур», «Қўлим очиқ, юзим очиқ», «От ориқликда, йигит ғарибликда билинар», «Имом уйидан ош чиқмас, ўлик кўзидан ёш чиқмас», «Балиқ еган тўқ бўлур, куч-қуввати йўқ бўлур», «Осилажак одам сувга сакрамас» ва бошқалар.
Мулла Исҳоқ (1834 йил Қўнғирот – 1892 йил Будапешт) ёт элларда ишлаб юриб, ўзбек мақолларини Европада Хоразм шевасида (биз юқорида унинг Венгрияда нашр этдирган тўпламдаги мақолларини тушунарли бўлиши учун Хоразм шевасида эмас, бугунги ўзбек адабий тилида келтириб ўтдик – У.Б.) чоп этдирган биринчи миллатдошимиз ҳисобланади.
Маълумки, мақол – халқ оғзаки ижоди ҳақидаги жанр бўлиб, мақолларда аждодларнинг ҳаётий тажрибалари, орзу-интилишлари, давлат ва жамиятдаги муносабати, тарихи, руҳий ҳолати, фалсафий, этик ва эстетик туйғулари, ижодий фазилатлари мужассамлашган бўлади. Мақоллар асрлар мобайнида халқ орасида сайқалланиб, ихчам, лўнда ва содда поэтик шаклга келган. Мақоллар мавзу жиҳатдан ниҳоятда бой ва турфа бўлиб, Ватан, меҳнат, тил ва нутқ маданияти, севги ва муҳаббат каби мавзуларда, шунингдек салбий ҳислатлар хусусида ҳам бўлиб, инсонни олийжанобликка чорлаб туради. Содда қилиб айтганда, мақоллар — фикрларнинг қаймоғи, илмий қилиб айтганда эса, мақоллар — мазмун ва шаклнинг диалектик бирлиги, кўп ҳолларда қофиядошлик, баъзан кўп маънолилик, мажозий маъноларга бойлик каби хусусиятларга эга.
«Чиғатой тили дарслиги»
Туркий халқларнинг мақолларидан намуналар дастлаб Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк» асарида келтирилган эди. Масалан, унинг асарида «Киши оласи ичтин, йилқи оласи тоштин» сингари ҳозирги вақтда ҳам ишлатиладиган кўплаб мақоллар келтириб ўтилган.
Мақоллар баъзан масал, матал, зарбулмасал, нақл, ҳикматли сўз, танбеҳ, машойихлар сўзи, донишмандлар сўзи, оталар сўзи каби номлар билан ҳам юритилади. Масалан, Навоий ҳазратларининг асарларидан кўплаб иборалар («Тилга эътиборсиз, элга эътиборсиз» каби ва бошқалар) ҳам мақол даражасида халқ орасида кенг тарқалиб кетган. Мақолларнинг ижтимоий-сиёсий ва тарбиявий аҳамияти ғоят катта. Мақолда асосан тўла тугалланган фикр-хулоса ифодаланади. Ўзбек халқ мақолларини илмий ўрганиш ва улардан намуналар келтириш ишига венгриялик Ҳерман Вамбери, россиялик А.Самойлович каби олимлар XIX аср охири ва ХХ аср бошларида катта ҳисса қўшгандилар. 1863 йилда Ўрта Осиёда бўлган Вамбери 1867 йилда Германиянинг Лейпциг шаҳрида нашр этилган «Чиғатой тили дарслиги» асарига асосан Хоразмда оммалашган бир қанча мақолларни киритганди. 1902-1908 йилларда ватанимизга сафар қилган А.Н.Самойлович ҳам мақолларни ёзиб олиб, 1909-1910 йилларда Петербургда «Рус археология жамиятининг шарқ бўлими» нашрида чоп этдирганди. Шундан сўнг бу борада Н.В.Остроумов, В.Диваевлар ҳам катта ишлар қилишди.
Фольклоршуносликнинг ривож топиши натижасида эса Ғози Олим Юнусов, Ҳоди Зариф, Мансур Афзалов, Музайяна Алавия, Буюк Каримий, Туроб Тўла, С.Иброҳимов, М.Саидов, М.Муродов, З.Ҳусаинова, Т.Мирзаев, Б.Саримсоқов, Ҳ.Раззоқов, В.Муродов, Р.Усмонов, Р.Исҳоқов, О.Холмирзаев, С.Худойберганов, Р.Комилов, А.Мусоқулов, Р.Жуманиёзов, Э.Сиддиқовлар самарали меҳнат қилишди. Уларнинг илмий изланишлари самараси ўлароқ бир неча илмий тўпламларда, газета-журналларда мақоллар чоп этиб борилди. Шунингдек, бир нечта диссертациялар ёқланди. «Денгиздан қатралар», «Қанотли сўзлар» номли тўпламлар, икки жилдлик «Ўзбек халқ маколлари» ва 26 босма табоқдан иборат яна шу номдаги китоб турли нашриётларда чоп этилганди.