Главная » 2011»Iyun»9 » Илҳом Фармоновнинг махсус сақланадиган кийимлари, нега дуэт куйламаслиги ҳақида…
16:50
Илҳом Фармоновнинг махсус сақланадиган кийимлари, нега дуэт куйламаслиги ҳақида…
“Онажонинг рози қил”… Ушбу қўшиқ саҳифамизнинг бугунги қаҳрамонини порлоқ юлдуз сингари чақнатди. Ким ҳақида сўз кетаётганини дарров англагандирсиз? “Гардероб” саҳифасининг бугунги қаҳрамони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармонов. Санъат соҳасида ўз йўлига эга бўлган хонанданинг кийиниш ва ижод борасида ҳам ўз услуби бор. Дизайнер Анвар Аҳмедов эса суҳбат орқали санъаткорнинг шу борадаги фикрларни билишга уринди...
— Илҳом, сиз билан анчадан буён кўришмагандик. Ёдингизда бўлса, 1997 йилдаги илк яккахон концерт дастурингизда чолғучиларнинг либосларини мен тиккан эдим...
— Ҳа, буни эсдан чиқариб бўлармиди?! Ижодимни бошлаганимда ким ёнимда “қанот” бўлиб қўллаб-қувватлаб турган бўлса, уларнинг ҳаммаси ёдимда. Ўшанда санъаткорлар камлиги учун уларнинг либосларига ҳам унчалик эътибор катта эмасди. Замон ўзгаряпти. Албатта биз ҳам унга мослашиб яшашимиз керак.
— Оқ костюм-шим. Сизни кўз олдига келтирган одам хаёлида шу кийимда гавдалансангиз керак. Негадир охирги пайтларда оқ кийим киймай қўйдингиз?
— Ёшимиз улғайяпти. Демакки, жиддийроқ, бунинг устига бир хилликдан қочган ҳолда кийинишимиз керак, деб ўйлайман. Очиғи, санъаткорларнинг кийимлари бугун жуда бачканалашиб боряпти. Бундан қочишга ҳаракат қиламан.
— Бачканалик... Буни замон талабига йўйса ҳам бўлади...
— Мен умуман дизайнер-стилистлари билан ишламайман. Сизда бу фикрнинг уйғонишининг сабаби балки шудир? Муҳими, кияётган кийимларим ўзимга ёқади. Семирганимга келсак, ҳозир вазн йўқотиш йўлида ҳаракат қиляпман. Концертгача ҳаммаси жойида бўлади.
— Айтганча, концерт қўймай кетдингиз?
— Ўтган йили концерт қўйишга тайёргарлик кўриб, ҳатто кўпчилик ишларни ҳал қилиб ҳам қўйгандик. Бир қанча қўшиқлар ҳам ёзиб тугатилганди. Аммо отамнинг бевақт вафоти сабаб концертимиз бироз орқага сурилди. Отам менга нафақат ота, балки, биринчи устозим ҳам эди. Концертда эса у кишининг хотирасига бағишлаб қўшиқ айтишни режалаштирганман. Ахир мен саҳнадаги ўрнимни шунчаки топмадим. Барчасининг ортида отамнинг меҳнатлари, менга берган панд-насиҳатлари ётибди.
— Ўзингиз ҳам отасиз. Фарзандингиз Ислом ҳам анча танилиб қолди. Ҳатто ота-бола қўшиқ ҳам куйладингиз. Умуман унинг бугунги қизиқишларига қандай қарайсиз?
— Санъатга жуда қизиқиши баланд. Ўзим ҳам ана шундай иштиёқ, қизиқиш билан кириб келганман. Лекин санъат йўлини танлайдими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Агар мен ва бобосининг йўлларидан кетса, албатта, хурсанд бўлардим. Фақат чинакам санъаткор бўлсагина… Чунки санъаткорман, деб санъатини ҳам эплолмай, халқ корига ҳам ярамай юрганлар қанча?
— Нега бундай фикрга келяпсиз?
— Биз эндигина чиққан пайтларимиз устозлар изидан борганмиз. Улар кирган давраларда ўзини қандай тутишини кузатардик. Ҳар бир ҳаракатини ўрганиб, қўшиқ куйлашни бошлаганмиз. Ҳозир-чи, ҳозирги ёшларимиз жонли ижрода қўшиқ айтиш у ёқда турсин, ҳатто, фонограммани ҳам эплай олишмаяпти.
— Кийимларингизга қайтсак. Миллий кийимларимизга эътиборингиз кучли экан. Ҳатто уларни катта махсус идишларда сақлар экансиз.
— Бу одат отамдан ўтган. Отам ўзбекона нарсаларга, миллий буюмларимиз, миллий кийимларимизга жуда эътиборли эди. Шу фазилат менда ҳам бор. Мисол учун, мана бу тўним ва унга махсус тикилган кўйлак мен учун жуда қадрли. Уни илк бор Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган катта байрам тадбирларида кийим чиққандим.
— Ижодингизни бошланингизга ҳам 20 йил тўлибди. Негадир охирги пайтлар рекламангизга, эътибор қаратмай қўйдингиз. Клипларингизни ҳам кам кўряпмиз.
— Аксинча, мен бу фикрингизга қўшилмайман. Қайтанга ҳозир ижодимга алоҳида эътибор қаратганман. Янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. Умуман, доим ҳаракатдамиз. Рекламага келсак, мен ўзимни реклама қиладиган ёшдан ва босқичдан ўтиб бўлганман. Мени хоҳлашса эшитишади, хоҳлашмаса йўқ. Энг ёмони, эса зўрма-зўраки мухлис орттириш.
— Кўп саволларимга нисбатан бахслашиб жавоб беряпсиз.
— Буни бир дўстим хориждан олиб келиб берган. Ишонсангиз, бугунгача бояги миллий либослардан ташқари, умуман тиктириб кийим киймаганман. Бир-икки марта тиктиришга ҳаракат қилдим. Аммо тикувчилар менинг гавдам ва дидимга мослаб либос тавсия қилиша олмади. Шундай кейин хафсала қилмаганман.
— “Онажонинг рози қил” номли қўшиғингизни ҳатто, энг кичкина ўғлим ҳам хиргойи қилиб юради. Шунда ўйлаб қолдим, нега айнан янги қўшиғингизни эмас, эскисини айтиб юрибди, экан деб. Ўзингиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?
— Мани танитган қўшиқ шу аслида. Бугун қайси даврага бормай, қайси саҳнада қўшиқ айтмай барча мухлисларимиз, оналар ёнимга келиб, «оналарни мадҳ этган энг яхши қўшиқ ана шу», деб кўнглимни кўтариб кетишади.
— Илҳомнинг илҳоми нимадан қайнайди?
— Мухлисларнинг эътирофидан. Тўғриси, мухлисларимиз қўнғироқ қилса, хат ёзишса, дастхат сўраб келишса жуда хурсанд бўлиб кетаман. Уйда бўлган пайтларим ашаддий мухлисларимиз хонадонимга ҳам ташриф буюриб туришади.
— Шогирдингиз Умар Шамсиев анча кўзга кўриниб қолди. Лекин кўпчилик унинг устози сиз эканингизни билмайди. Нега биргаликда дуэт қилмайсиз?
— Дуэт куйлашни ёмон кўраман. Умарга келсак, унинг ижод қилиш йўналиши бошқа. Вақти келиб балки биргаликда ҳам қўшиқ айтармиз.
— Шогирдлар борасида рўйхат айтарлик узун эмас. Баъзилар ҳали танилмай туриб шогирд чиқаришга, продюсерлик марказлари очишга уринади.
— Ўша санъаткорларнинг ижоди-чи? Мен бундай нарсаларга ортиқча вақт сарфлашни истамайман. Шогирдларим етарлича. Санъатга ҳақиқий ихлос билан кириб келгани менинг ёрдамимсиз ҳам танилаверади.
— Илҳом, бугун сизни тинглашяпти. Аммо ўн йилдан кейин-чи, деган ўй сизни қўрқитмайдими?
— Йўқ. Мен ўзимга ишонаман. Халқимизнинг ўзи ҳаммага етарлича баҳони беради. Ғалвирни сувдан кўтарганда эса ўша баҳо ўз натижасини кўрсатади. Мени эшитишига келсак, бугун эшитишяптими, демак эртага ҳам эшитишади. Энг муҳими, ўзимни ҳамма ерга ураётганим йўқ. Санъаткор ўз обрўсини ўзи сақлаши керак.
— Бугунги санъаткорларга кенг имкониятлари яратиб берилди...
— Эҳ, нимасини айтасиз. 1989 йил қайсидир танловда қатнашиш учун қўшиқ ёзишимиз керак бўлиб қолганди. Ўшанда студия бандлиги сабаб ноиложликдан бастакоримизнинг уйида ёзишга тўғри келди. Бугун-чи, бугун ҳамманинг шахсий студияси, ижодхонаси бор. Етарлича шароит санъаткорга илҳом бағишлайди. Авваллари тўй-ҳашамларда ҳовлининг бир чеккасидан туриб қўшиқ айтган бўлсак, бугун тўйхоналарда саҳналар ўрантилган. Бу ҳам санъаткорга бўлган халқимизнинг чексиз ҳурматидан далолат. Бундан эса жуда миннатдорман.