Эсимда, бир пайтлар “Хўжа” шу қадар машҳур эдики, “Айтинг, айтинг, айтинг, Кимсиз ?”нақоратли қўшиқ жаранглаши билан ҳамма бехос рақсга тушиб кетарди. “Хўжа”нинг альбомлари бозорлардаги мусиқа расталарида энг харидоргир эди. Ўша йилларда у эришган ютуқлар ва шуҳратни бугунги ўнлаб машҳурлар, юзлаб ёш хонандалар орзу қилган бўлса, ажабмас. Гуруҳ яккахони Иззат Ибрагимов ўзининг тарбияси ва оилапарварлиги билан ҳурмат ҳам қозонди. Бугун қўшиқчининг ижоди сусайдими ё тингловчилар уни эшитмай қўйяпти? Назаримда, унинг ижоди камолотга етди. Кеча бир ниҳол бўлса, бугун дарахтга айланди...Униб келаётган ёш авлоднинг ўз мусиқаси, янги кумирлари шаклланишга улгурди. “Хўжа” бугун ёшларнинг севимли гуруҳи бўлмасада, ўзининг асл мухлислари бор. Ижодида танаффуслар бўлгани билан янгиликлар устида изланишни тўхтатиб қўйгани йўқ... Иззат Ибрагимов билан суҳбатимиз унинг хонадонида дилдан кечди...
-Ёшингиз улғайган сари қанчалар ўзгардингиз? Қайси одатларингиз ўзгармай қолди? Қандай янги одатлар орттирдингиз?
-Вақт табиб дейишади. Вақт инсон истаса-истамса ҳаётда қилинаётган камчиликларни тузатиб боришга ундайди. Иш бор жойда, хатолик бўлади. Уни бошқа қайтармасликка ҳаракат қиламиз. Ёш улғайган сари орзу-мақсадлар ва режалар ҳам улғайиб бораркан. Кўп нарсани кўрдик, ўз йўлимизда. Ҳар бир қилинган янги қўшиқни куйлаб кетаверганмиз олдин, мухлислар қанақа баҳо беришидан қатъий назар. Айрим клиплар ва қўшиқлар учун танбеҳ эшитганмиз. Ён атрофимизда режиссёр, продюсер ва мухлислар таклиф бериб туради. Қачон хато қилган бўлсам, тезда англашга уринганман. Енгил кийимлар олдик бутикдан, йиртиқ-чиртиқ замонавий нарсалар сотиб олиб, яшаришга, ўзгаришга интилдик. Раҳбариятимиз, мутасаддиларимиздан танбеҳ ҳам эшитиб олдик. Классик услубдан воз кечмасликка ҳаракат қиламан. Янги одатларга келсак... ҳаётимда ўзим учун тўғри йўл танлаб олганман, атрофимда ёлғон бўлса, унга бефарқ қарай олмайман. Ҳали қариб қолмадим шекилли (кулади). Камчиликларни секин-секин йўқотиб боришга ҳаракат қиламан. 10 йил олдин тез қарор чиқарсам, шошган бўлсам, ҳози кенгроқ доирада ўйлайман, 14 марта кесаман.
-Иззат Ибрагимовнинг назарида “Хўжа”нинг бугунги рейтинги қанақа?
-Ҳозир ўзимга неча баҳо қўйишим керак? (кулади). Мухлислар назарида ишламагандек кўринармиз... Санъатни йўллари довонли.Гоҳо юқориладик, гоҳо пастга тушдик, бироқ, ижоддан тўхтаганим йўқ . Тўхтатиш ниятим ҳам йўқ. Умримни шу оламга бағишлаганман. Сабаби бор танаффуснинг... турли туман. Шу кеча-кундузда тиниб билмай ижод қиляпман. Нафақат миллий эстрадамизда, балки дунё мусиқа дурдоналарини ҳам куйлашга уриниб кўряпман. Ўзимга баҳо бермайман. Шундай одамманки, ички стерженим бутун. 5 ёшимдан ўзимни қўшиқчиликка бағишлаганман. 1977 йилдан бери хонанда бўлишни қатъий ўзим учун белгилаганман. Салкам 40 йилдан бери шу дунёга ўзимни бахшида этганман. Доирага қатнаб бошлаганимдан сўнг, отамга айтганман “фақат усул чалишни ўргатавераркан, қачон куйлайман” деб доирачиликни ташлаб юбордим. Болалигимда жуда уятчан бўлганман. Шунақа тарбия берилганди. Глиэрда ҳам уятчанлигим панд берган... Хуллас, бу соҳада ҳаётимни кўраман.
-Ҳозир қайси ҳамкасбингизнинг рейтинги энг юқори ўринда?
-Озодбек Назарбеков ва Райҳон рейтинг борасида илдамчи.
-Руслан Шарипов билан яна қайта ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми? Балки, яхши ижодкорнинг яна санъатга қайтишига сабабчи бўлармидингиз?
-Руслан Шарипов билан кўп ижод қилганмиз. Яқинда яна ҳамкорлик қилиш истагим бор эди. Бироқ, на телефон орқали, на бошқа йўл топиб бўлмаяпти. Унинг ижодини ҳурмат қиламан.
-Жуда ҳам ҳоҳлардим тез-тез ота-оналар мажлисига бориб туришни. Лекин иш вақтим билан кўпинча йиғилишлар тўғри келмайди. Бироқ, бир куни мактабга вақт топиб бордим ва қизалоғим ҳақида билдирилган ижобий фикрлардан, унинг хулқи ҳақидаги мақтовлардан бошим кўкка етди. Кенжатойим қизалоғим ижод маҳалида менга жўр бўлиб туради. Ижодкорлигим унинг қонига ўтган кўринади.
-”Ўзбекистон ёшлари” қўшиғингиз орқали ватанпарварликка чорлайсиз. Бунга ҳам бир неча йиллар бўлди. Бироқ, бундай оғир тош босадиган мавзуда бошқа қўшиқлар куйламадингиз?
-“Камолот” ИҲ тадбирларида кўп бора ижро этамиз. Вилоятлар бўйлаб, ҳатто тўй-ҳашамларда ҳам шу қўшиғимни сўрашади. Рақсга тушишади. Бундан фахрланамиз. Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги муносабати билан шунча йиллар давомида яратган энг сара қўшиқларимизни попурри сифатида жамладик. Улар орасида “Ўзбекистон ёшлари” таронаси ҳам бор. Қўшиққа янги сайқал бердик. Миллийлика кўпроқ эътибор қаратдик. Карнай жўрлигида ноғоро, қўшнай, танбур оҳанглари билан бойитдик ва бу қўшиққа янги ҳаёт улашдик.
-Сўнгги марта қайси концертда мириқиб дам олдингиз?
-Яқинда дўстимиз Жаҳонгир Отажоновнинг концертига бордик. Ундан олдин Рустам Ғойиповнинг концертига шогирд сифатида ташриф буюрдик. Мухлисларни ўзига боғлаб олди. Аксарият қўшиқлари жонли бўлди. Бошидан охиригача томошабинлар концертдан сеҳрланган ҳолатда ўтиргандек кўринди. Ҳожиакбар Маллабоев, Дилшод Раҳманов ва мен саҳнага устозимизнинг қўшиқларини куйлаб чиқдик. Жаҳонгирнинг концертида эса охиригача ўтира олмадик. Хизматим бор эди. Сал вақтлироқ бориб, кутилмаганда уни табрикладик. Рустам ака дуо берди. Тўғри, концертда камчиликлар бўлди. Умуман олганда, ўзида куч топиб концерт бергани учун ҳам Жаҳонгир дўстимга омад тиладим.
-Ижодингизнинг энг гуллаган даврини қайси йилларга боғлайсиз?
-Ижодим энди гуллайди. Ўтмишга боғласам, боя этиб ўтдим, тўхташ бўлиб туради. Ижодкор одам ҳам дам олишга ҳаққи бор. Шунақа нарсалар борки ҳаммасини оммага айтиб, яқққол намоён қилиб бўлмайди. Мен буни айтишни истамайман. Ҳаммаси ҳали олдинда. Ғуломжон Ёқубовдан мисол олинг. Санъатга кириб келгандларидан бери қўшиқ куйлайдилар. Кеча чиққан хонандалар ўзининг ёнига тўртта фонограммачини қўйиб ман устозман дейди. Мен бундай дейишга уяламан. Ҳали кўп илм олишим керак.Ўша пайтларда яратган уч тўрт хит қўшиқларим мени оммага танитди, минглаб мухлислар орттиришимга кўмак берди. Ижоддан тўхтасам, кейин бу саволга жавоб беришим мумкуин. Аслида ижоддан тўхташ ижодкор учун ўлим демакдир. Мен эса рақобатдан қўрқмайман, рингга ҳамиша чиқишга тайёрман. Ўз келажагимни тўхтатиб қўйиш ниятим йўқ.
-Юлдуз Усмонованинг деярли барча тадбирларида хизматдасиз. Примадоннанинг мухлисимисиз?
-Албатта, унинг мухлисиман. Усмонованинг қўшиқларини тинглаб, керак бўлса, куйлаб катта бўлдик. Юлдуз опа билан опа-укамиз. Таклиф қилсалар, ҳамиша хизматдамиз. Устоз санъаткорларимиздан бири. 90-йилларда Юлдуз опанинг репертуарларидан максимал дарражада фойдаланганмиз! “Олма-олма”ни севиб куйлаганмиз.
-Америкада яшаб ижод қилиш таклифи тушгани ростми?
-Унака таклиф бўлмаган. Гастрол таклифлари бўлди. Бироқ, вақт масаласи муаммо бўлди. Манга миллион доллар берганида ҳам, у ерларда қолиб кетмасдим. Ўз Ватанимга етадигани йўқ. Четда йиқилсанг ҳам биров кўтармиди. Менинг қоним Ўзбекистонга тўкилган. Қон-қариндошларим, уруғ аймоғим шу ерда. Ёнимда. Ўз санъатимни кўрсатиб келиш борасидаги таклифларни рад қилмаган бўлардим.
-Ҳозир ҳамма тўй учун ижод қилаётгандек. Қўшиқлар ҳам шунақа 6га 8 йўналишида. Сиз бу борада қандай йўл тутгансиз?
-Энди халқимиза жуда болажон халқ. Тирикчилигимиз тўй ҳашам билан боғлиқ. Аксарият кучни шунга ташлашади. Мен отарчимасман, мен санъаткорман. Ҳозир икки қиз битта бола, ё аксинча гуруҳлар кўпайиб кетди. Фақат тирикчилик учун касб қилиб олганлар бор. Ўз йўналишимизни санъатда касб қилиб олганимиз учун тўйга борамиз ва ўз қўшиқларимизни куйлаймиз. Отам раҳматли “Ўзбекистонда хизматда кўрсатган артист” унвонини олгунимча, барча ютуқларимни кўришга муваффақ бўлдилар. Болалигимдан буни орзу қилардилар. Мустақиллигимиз шарофати билан биз ёшларга ўша пайтлардан бошлаб катта йўл очиб берилди. Мен оилада катта ўғил бўлганим учун менга суяниб қолгандилар. Айтардилар: “Мен сезвомман, сизлар тарихда қолдингизлар. Яратаётган қўшиқларингиз мухлислар қалбини ларзага келтиряпти.” Ажабмас, отамнинг сезгиларида айтилгани каби биз ҳам тарихда ўз номимизни қолдира олсак, набираларимиз, эвараларимиз бизни эслашса. Бугун кўп эсланадиган Муҳриддин Ҳолиқов, Нуриддин Ҳайдаров каби улуғ санъкторлар билан бир даврда ижод қилиш насиб этган.
-Иккиланиб туриб куйлаган қўшиқларим ҳам бўлган. Ижодкорда барибир сезиш қобилияти кучли бўлади: қайси қўшиғи қанақа ва умри ҳақида кўнгил билади. Хато қилинган тароналарим “корзинка”га ташланган. Саёзлиги ё менинг услубим бўлмаса, ўша қўшиқлар менинг хатоларим деб биламан... Мен ўз жиддийлигим билан мухлисларимга кўпроқ ёқаман. Бачкана сезилса, тингловчиларим тез аниқлайди.
-Ёз келди - соз келди. Оилавий дам олиш учун жой танладингизми?
-Энди шахсий дачамиз йўқ ҳали. Ўртоқларимиз ёки ижарага олинадиган дачалар кўп. Бироқ, ҳовлида турганимиз учун бунга у қадар эҳтиёж катта эмас. Ёз ўрталарига бўлмаса, ҳозирча режа йўқ.
-Хонандаликни танлаётган ёшлар борки, моддий бойликка эришишга интилади: джип, қават-қават ҳовли уй ва бошқалар...Мусиқий илм борасида ўйлайдиганлар бармоқ билан санарли. Сиз санъат орқали моддий бойликлардан ташқари, энг муҳими нимага етаётганингиздан қалбингиз тўлиб боряпти?
-Мақтанишга кириб қолмаса айтаман. Моддий бойлик ҳозир бор, сониялар ичида йўқ бўлиб қолиши мумкин. Шунақа қайноталар борки, бир дунё бойлиги билан беришади. Ўз меҳнати билан қадам ба қадам эришишга нима етсин! Санъаткор бўлишимдан асосий мақсад бойлик йиғиш эмас. Ниятим, фақат бой бўлиш бўлса, отарчи бўлиб қолардим. Юртимиз тадбирларида ҳамиша иштирок этишга ҳаракат қиламан. Яратаётган бундай мазсундор қўшиқларим юртимиз равнақига кичик бир ҳисса бўлса, бошим кўкка етади. Юрт ривожига ўз ҳиссасини қўшмаса, бу касб эмас. Пул топишга қизиқмайман, десам ёлғончи бўлиб қоламан. Бой бўлсам ҳам, сахий бой бўлгим келади!
-Оилавий бахтни узоқ йиллар ушлаб туришнинг асосий қоидаси нима?
-Ҳалоллик ва поклик бўлмаса, оилада ҳеч ким бир-бирига ишонмайди. Турмуш қурганимизга 13 йил бўлган. Умрим охиригача рафиыам бирга бўлиш ниятим. Бошқа аёлни унинг щрнида ҳеч қачон тасаввур қилмаганман. Болаларимиз ички дунёсини тўғри шакллантириб тарбиялаяпмиз. Ҳаром ҳаражга аралашиб қўйсангиз албатта жазосини оласиз. Менинг ўз ёзилмаган қонун- қоидаларим бор. Ҳаракат қиламан ҳаромдан узоқ бўлишга. Хиёбонларга қизимни кўтариб олиб бораман. Мустақилликнинг бунёдкорлик ишларини кўрсатаман. Оиланинг бахти, бутунлиги кўп нарсага боғлиқ.
-Эртадан қандай умидларингиз бор?
-Келажакдан умидим катта. Уч нафар фарзандимиз бор. Аввало, Яратганнинг хоҳлагани бўлади. Элига, юртига, ота-онасига, яқинларига сидқидилдан хизмат қиладиган, жамиятимизга фойдаси тегадиган комил фарзандлар бўлишини истайман. Бизлардан-да юқори мартабаларга эришиб, кўча -куйда кўриб қолишса, отангга раҳмат дейишларини хоҳлайман.