Соат тўртдан кейин эса қўнғироғимга умуман жавоб бермади. Эртасига, индинига ҳам. Ўн кунлардан кейин яна бир омадимни синаб кўргим келди. Хайрият, бу гал Улуғбекни кўндирдим.
Интервью давомида Улуғбек Қодиров югуриш бўйича инструкторим бўлди.
Улуғбекнинг феълини туғилган йили ҳамда буржига қараб баҳолашга ҳаракат қилиб кўраман. Тўнғиз йилида туғилганлар ҳар бир ишини тош-тарозига солиб битиради. Кўнгилчан, сахий, мақсадига етмагунча тинчимайди. Улар учун яқинларининг бахти ўз хотиржамлигидан ҳам устун. Арслон буржида туғилганлар мақтовга ўч, шу билан бирга, романтик. Уларнинг кўнглига йўл топа билсангиз, наъра тортадиган арслондан ювошгина мушукка айланишлари мумкин. Бу бурж вакиллари мағрур, мағлубиятини тан олмайдиган, ҳақиқатсевар бўлишаркан. Кўрамиз, юлдузларнинг бу башорати қанчалик рост экан?
Улуғбек Қодиров: — Биринчи марта югураяпсиз. Организмни аста-секин ўргатиб бориш керак. Шошмасдан югуринг, нафасни бурундан олиб, оғиздан чиқаринг. Мен анчадан бери югураман, шунинг учун нафасни икки бўлиб чиқараман, мана бундай: куф-куф. Сизга бир мартаси етади. Кетдикми?
Кейинги босқич турникда гимнастик машқларни бажариш бўлди. Улуғбек брусда гавдасини кўтариб машқ қилди:
— Сиз ҳам уриниб кўрасизми (кулади)?
— Йўқ-йўқ… Эплай олмасам керак.
Пресс машқидан кейин бироз теннис ўйнадик. Ўйин вақтида қўлим келишмаса ҳам Улуғбек мени қўллаб-қувватлаб турди:
— Ана, теннис ўйнашни бопларкансиз-ку!
Ниҳоят суҳбатлашиш учун ўтирдик.
— Сув бўйида ўтириш маза! Мана бу ерда интервью берсам бўладими?
— Саволларим ёқмаса, cувга итариб юбормайсизми?
— Шуни мўлжаллаб тургандим (кулади).
— Қадимий Эллада қоясига «кучли бўлишни истасанг, югур, келишган бўлишни истасанг, югур, ақлли бўлишни истасанг, югур!» деган ёзув битилган экан. Cиз нега югураяпсиз?
— Соғ танда соғлом ақл, деб бежиз айтишмаган. Мен югуриб, танамдаги ғуборларни чиқаришдан ташқари бу ердаги тоза ҳаводан маза қилиб нафас оламан. Фойдали томони шуки, дарров вазн ташлайман. Авваллари ҳар куни югурардим. Ҳозир фақат якшанба кунлари вақт топа оламан.
— Спорт деганда кўз олдингизда қандай тасвир жонланади?
— (Кўзларини юмиб) бокс. Бу спорт турига кичиклигимдан қизиқсам-да, негадир шуғулланмай қўйгандим. «Дада» фильмидан кейин боксга қизиқишим қайтди. Ҳозир ҳафтада икки марта бокс машғулотига қатнайман.
— Сиз учун стрессдан қутулишнинг энг яхши усули, бу...
— Китоб ўқишни жудаям яхши кўраман. Бир марта қизиқиб кетиб эрталабки соат 7:30 гача китобдан кўз узмай ўқиб чиқгандим. Спорт ҳам асабни тинчлантириб, хотиржам қилади.
— Менга интервью бераётганингизни эшитган ҳамкасбларим «уни қандай кўндирдингиз?» деб сўрашди.
— Қўнғироқ қилганингизда рулда эмасдим. Кўпинча қўнғироқ қилишганида машина бошқараётган бўламан. Қонунни бузишни ёқтирмаганим сабаб бироздан кейин қўнғироқлашишни илтимос қилиб, узр сўрайман. Баъзан дўстларим ҳам ҳазиллашиб «рулдан узиладиган пайтинг борми ўзи», деб сўрашади. Интервью беришни ёқтирмасам-да, кайфиятим зўр пайтда қўнғироқ қилдингиз.
— Нега интервью беришни ёқтирмайсиз?
— Бир сафар умуман бермаган интервьюм оммага чиққанди. Ўшанда шу суҳбатни ёзган журналистга ҳатто қўнғироқ ҳам қилмадим. Ундан хафа ҳам бўлмадим. Тинчлик тарафдори бўлганим сабаб, интернетда мен ҳақимда ёзилган бўлмағур гапларга ҳам эътибор бермайман. Аммо гоҳида интервьюга чақиришса, қачон бўш вақтим бўлишини айтиб, учрашув белгиласам, «менга зудлик билан интервью беринг, муҳлат белгилашган», дейишлари ёқмайди.
— Ҳақиқатни қўпол тарзда эмас, юмшатиб гапириш тарафдориман. Чунки ҳар бир инсон ўзича ҳақ. Ўйламай, шартта айтилган ҳақиқат инсоннинг кўнглини қаттиқ яралаши мумкин.
— Ёшлигимдан опам бирор жойга кетса, жиянларимни чўмилтириб, ухлатардим. Ота бўлсам, фарзандларимни аёлимдан кўра кўпроқ мен парваришласам керак. Чунки болаларни жудаям яхши кўраман!
— Бемаза фильмларни томоша қилишларини тақиқлайман. Тарбиявий аҳамиятга эга бўлган фильмларга эътибор қаратаман. Бир неча йил аввал «Ўйин» фильмини кўрган бир одамнинг менга кўзида ёш билан айтган гапи киноасарлар инсон руҳиятига қанчалик таъсир қилишини кўрсатганди. «Мен фильмда ўз ҳаётимни кўрдим, яхшиямки қимордан қайтган эканман. Ҳозир оддий киракаш бўлсам ҳам, тинчгина яшаётганимга шукр қиламан», деганди.
— Ёшликдаги қайси орзунгиз шу кунгача рўёбга чиқмади?
— Жарроҳ бўлишни орзу қилардим. Операция ўтказилаётган хонага кириб, жараёнда бемалол қатнаша олсам керак, деб ўйлайман. Бу орзумга етишмадим, балки келажакда фарзандим шу касбни танлар...
— Бугунги Улуғбек ўн йил аввалги Улуғбекка нима дейди?
— Чекишни бошлама, магистратурада ўқишни давом эттир, деган бўлардим.
— «Сарвиноз» фильмига ўтказилаётган кастингда мени танлашларини қанчалик истасам-да, режиссёрнинг кўзига тик қарамай тургандим. Айнан шу жиҳатим ёққани сабаб мени танлашган экан. Фильм экранга чиққач, ҳаётимда шиддатли ўзгариш рўй берди.
— «Ижодда ўғирламаслик» қоидасини қандай тушунасиз?
— Ижодкор бирор нарсани кўриб, таъсирлангач, илҳомланади. Бунда у нусха кўчириб эмас, бирорта элементдан келиб чиққан ҳолда, ўзи учун янгилик яратишининг ҳеч ёмон томони йўқ.
— Яқин орада нимадан қаттиқ ҳайратландингиз?
— Газетага интервью бермайман дегандим. Бугунги интервьюмиздан ҳайратдаман. Демак, тақдир шуни буюрибди.
— Фақат интернет ёки телефондаги мулоқот орқали дўстликка ишонасизми?
— Мен учун жонли мулоқот қизиқроқ. Интернетдаги ёзишишларга тоқатим етмайди. Ишонсангиз, ҳатто дўстларим ёзган «СМС»ларга ҳам жавоб бермайман.
— Катта миқдордаги пулни дўстга қарз бериш мумкинми?
— Мен учун пул биринчи ўринда турмайди. Пул бор-йўғи эҳтиёжимизни қондирувчи восита, холос. Дўстимнинг қарз олишга сабаби жиддий бўлса, беришим, қайтармаса, кечиб кетишим ҳам мумкин.
— Сиз учун идеал касб, бу — …
— Инсоннинг ризқи касби орқали берилади. Ҳар бир касб ўз эгаси учун идеал. Асосийси, одам касбидан маънавий лаззат олиши керак. Мен учун энг муҳими ишимда бўш вақтнинг қолмаслиги. Қаттиқ чарчасам-да, тўхтамай ишлашни ёқтираман.
— Жуда тантиқ бола бўлмаганман. Аммо дадамнинг кўнгилчанлиги сабаб истаган нарсамга эришишим осон эди. Оилада бешинчи фарзанд бўлганимгами ё кенжатойлигим учунми, ишқилиб, сўраган нарсамни доим олиб берардилар. Менимча, дадамдан бировнинг илтимосини рад эта олмасликни, онамдан самимийликни «ўзлаштирган» бўлсам керак. Ҳар қалай, улар мен учун намуна бўлса арзийдиган инсонлар тимсоли. Ота-онамга муносиб фарзанд бўлишга интиламан.
— Кибр, қўрслик каби нуқсонларни ўзингизда сезсангиз, бу иллатлар билан курашасизми?
— Сиз билан қанча вақтни бирга ўтказдик, шу пайтгача қўполлигимни сезмадингизми?
— Йўқ!
— Йўғ-э, бирор мартаям қўрслик қилмадимми (кулади)? Яхши натижа. Тан оламан, сал қўполроқман. Инсон шахсиятига тегадиган даражада қўрслик қилмайман албатта. Бу иллат билан доим курашаман. Курашув ота бўлганимда ниҳоясига етса керак, деб ўйлайман. Фикримча, фарзандли бўлган инсоннинг феъли мулойимлашади. Бола одамнинг кўнглини эритиб юборади-да! Кибрга келсак, ҳеч қачон бу иллатни ўзимда сезмаганман. Масалан, менда охирги русумдаги ўта қиммат кийимларни кийишга етарли пул бор, аммо оила аъзоларимни оддий кийинтириб қўйсам, уйдаги муаммоларни ҳал қилмай, ҳаволаниб ясаниб юрсам ярашмайди-да! Буни ўзимга эп билмайман.
— «Телба» фильмидаги қаҳрамонингизнинг кийимини бир эсланг. Қандай кийимни ҳеч қачон киймайсиз?
— Роль учун талаб қилинган ҳар қандай кийимни кийишим мумкин. Ҳатто «секонд хэнд»дан харид қилинган бўлса ҳам. Энг муҳими, кийган либосим орқали образимни «очиб» бера олишим. «Телба»да ҳам худди шундай. Нима, сиз айнан шунақа одамлар йўқ деб ўйлайсизми? Актёрнинг асосий вазифаси ҳаётдаги реал одамни саҳнада кўрсатиб бера олиш.
— Умумий ҳисоби элликта чиқади. Кийим борасида ўзимни шопоголик деб ҳисобламайман, аммо негадир пойафзал жиннисиман. Орасида кийилмаганлари ҳам кўп. Яқинда биров «лакланган пойафзал модадан қолди», деб айтди. Менга эса моданинг аҳамияти йўқ. Лакланган, тумшуғи учли туфли жудаям ёқади.